Зимбабведа ёмғирли мавсум бошланганидан бери кузатилаётган кучли сув тошқинлари сабаб камида 74 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда мамлакат Фуқаролик мудофааси миллий бошқармасига таяниб, The Herald нашри маълум қилди.
Октябрдан бери тўхтовсиз ёмғирлар ёғмоқда, улар кучли шамол, кўчки ва момақалдироқлар билан кечмоқда. Энг оғир вазият Маникаленд, Ғарбий Машоналенд ва Мидлендс вилоятларида қайд этилган.
Ёмғирли мавсум Жанубий Африканинг бошқа давлатларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Мозамбикда сув тошқинлари оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, ЖАРнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Крюгер миллий боғи ҳам сув остида қолган. Об-ҳаво аномалиялари ҳатто одатда қуруқ ҳисобланган Намибияда ҳам кузатилмоқда.