Исроил парламенти — Кнессетнинг 120 нафар депутати иштирокида ўтказилган овоз бериш жараёнида собиқ дин ишлари вазири Матан Кахана 66 нафар депутатнинг овозини олиб, парламент раиси этиб сайланди.
54 ёшли сиёсатчи марказчи «Яшар» партияси вакили ҳисобланади. Ушбу партия раиси Гади Айзенкотга янги ҳукуматни шакллантириш вазифаси топширилган.
Матан Кахана амалдаги бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг ўнг-консерватив «Ликуд» партияси вакили Амир Охананинг ўрнини эгаллади.
Мухолифат вакиллари парламент раиси алмашиши парламентдаги иш жараёнлари ва қонунчилик ташаббусларига таъсир ўтказиш имкониятларини кенгайтиришга умид қилмоқда. Жумладан, улар 2023 йилдан буён Биньямин Нетаньяху ҳукумати томонидан илгари суриб келинаётган баҳсли суд ислоҳотининг асосий бандларини бекор қилишни мақсад қилган.
Аввалроқ ўта ўнгчи молия вазири Бецалель Смотрич Каханани «Исроил душманлари овозлари» ҳисобига лавозимга сайланишдан огоҳлантирган эди. Бу билан у араб партияларига ишора қилган.
Кахана бунга жавобан Смотрични демократик жараённи ҳурмат қилишга чақирди. Кутилишича, араб партиялари Кахана номзодини қўллаб-қувватлаб овоз берди.
Нетаньяху тарафдори бўлган айрим депутатлар ушбу натижага «Шармандалик!» деган бақириқлар билан муносабат билдирди.