Украина президенти бу ҳақда Sky News'га берган интервюсида айтди.
"Мен бу урушни якунлашдан АҚШ ва барча Европа ҳамкорлари қўллаб-қувватлайдиган ҳужжатга эга бўлишни истайман. Бу жуда муҳим. Бунинг учун бизга президент Трампнинг аниқ позицияси керак", — деди Зеленский.
Украина президентининг интервюсидан асосий иқтибослар:
◾️ Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишнинг ягона йўли аввало муайян хавфсизлик кафолатларини ишга туширишдир;
◾️ Қўшма Штатларни Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга ва Европа Иттифоқисиз, бир томонлама тарзда Москвага қарши санкциялар жорий этишга чақирамиз;
◾️ Трамп Аляскадаги учрашувда Путинга "кўп нарсани берди". Менимча, агар бу Украина ҳам қатнашган уч томонлама учрашув бўлганида, биз қандайдир натижага эришган бўлардик;
◾️ Путин изоляциядан чиқди. У ўзи истаганидай АҚШ президенти билан суратга тушди ва очиқ мулоқотга эга бўлди. Бу эса унга бошқа форматлар ва саммитларга йўл очиб беради;
◾️ Трамп ва Путин билан ҳеч қандай шартларсиз учрашишга тайёрман. Лекин мен бизга ҳужум қилаётган давлат пойтахти, Москвага бора олмайман;
◾️ Бахтимизга Украина Вазирлар Маҳкамаси биносига Россия ракетаси урилганида портламади. Агар у портлаганида, бинонинг ярми вайрон бўларди;
◾️ Агар Полшага кенг кўламли ҳужум бўлса, мамлакат ўз аҳолисини қутқаришга улгурмаслиги мумкинлигин. Россия бизга қарши 810 та дрон учирган бўлса, биз 700 тасини уриб туширдик. Улар эса 19 дрондан фақат 4 тасини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Полша уруш ҳолатида эмас, шунинг учун бундай вазиятларга тайёр бўлмаган;
◾️ Россиянинг сўнгги 3 йирик ҳужум амалиёти муваффақиятсизликка учради, бироқ Москва яна 2 оғир ҳужум операциясини тайёрламоқда;
◾️ Бу технологик ва динамик уруш. Дрон авлодлари ҳар 3 ойда янгиланмоқда. Сиз бир турдаги дронларга қарши радиоэлектрон кураш тизимини ишлаб чиқишингиз мумкин, аммо 3 ойдан кейин улар бошқа турдаги дронларга айланади.