Украина президенти Владимир Зеленский «бугун Россия Грузияда ғалаба қозонди», деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Украина давлати раҳбари шимолий мамлакатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «Европейская Правда».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, бугун Россия Грузияда аввал ҳудуднинг бир қисмини эгаллаб, кейин эса «сиёсат ва ҳукумат»ни ўзгартириш орқали «ютди».
«Россия бугун Грузияда ғалаба қозонганини тан олишимиз керак. Аввал Грузиянинг бир қисмини олдилар, кейин сиёсатни ўзгартирдилар, ҳукуматни ўзгартирдилар, энди эса россияпараст ҳукумат, россияпараст позициялар мавжуд. Путинга қарши санкция йўқ, Грузияда кўп руслар бор. Уларнинг танлови Россия билан дўстлик, уларнинг танлови Европа Иттифоқига қўшилиш эмас. Улар ўз позицияларини ўзгартирдилар. Бугун Россия ғалаба қозонди. Улар Грузиянинг эркинлигини тортиб олдилар», деди Зеленский.
Молдовадаги вазиятни изоҳлар экан, Зеленский Россия «бир йўналишда ҳаракат қилаётганини» айтди.
«Кўрасиз, Россия ҳам худди шундай кетмоқда. Улар ҳам худди шундай қилишни истайди ва агар Ғарб қизил чизиқлар ҳақидаги гапларини тўхтатмаса, шундай қилади. Агар улар буни тўхтатиб, риторикани давом эттирмасалар, бир-икки йил ичида Молдовани йўқотадилар», - дейди Украина раҳбари.