Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини яна 90 кунга — 2027 йил 29 январгача узайтириш тўғрисидаги фармонларни имзолади.
Тегишли ҳужжатлар Украина президентининг расмий веб-сайтида эълон қилинди.
Бу Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланганидан буён ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик режимларини 21-марта узайтириш ҳисобланади.
Ҳарбий ҳолат даврида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбур эркаклар яшаш ёки вақтинча бўлиш жойи бўйича ҳарбий ҳисобда туриши, шунингдек, Ягона давлат реестридаги шахсий маълумотларини ўз вақтида янгилаб бориши шарт.
Улар ўзлари билан паспорт ва қоғоз ёки электрон шаклдаги ҳарбий ҳисоб ҳужжатини олиб юриши, белгиланган муддатларда ҳудудий комплектлаш марказлари ёки ўқув марказларига бориши ҳам лозим.
Кимлар мажбурий сафарбарликка жалб этилади?
Мажбурий сафарбарликка соғлиғи бўйича ҳарбий хизматга яроқли деб топилган, қонуний кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган 25 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар жалб этилади.
18 ёшдан 25 ёшгача бўлган эркаклар эса фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда — захирадаги офицерлар бўлса ёки аввал муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлса, сафарбарликка чақирилиши мумкин.
Қолган ҳолларда ушбу ёш тоифасидаги эркаклар ҳарбий хизматга ихтиёрий равишда киришлари мумкин.