Ғарб давлатлари янги ҳарбий доктрина ишлаб чиқиши зарур. Чунки замонавий қурол-яроғларни сотиб олиш ва тактикани ўзгартиришнинг ўзи хавфсизликни кафолатламайди.
Бу ҳақда Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси Валерий Залужний Буюк Британия Мудофаа академиясининг Қўшма қўмондонлик ва штаб коллежидаги чиқишидан сўнг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган.
Унинг баҳолашича, Ғарбнинг хавфсизлик тизими ҳамон Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий доктринага асосланган бўлиб, у қимматбаҳо юқори аниқликдаги қуроллар билан тўлдирилган. Бироқ 2026 йилдаги уруш воқелигини ҳисобга олган ҳолда ушбу тизимни қайта кўриб чиқиш зарур.
«Шунчаки янги қурол сотиб олишнинг ўзи етарли эмас. Ҳатто ўша дронларга мослашиш учун тактикани ўзгартириш ҳам кифоя қилмайди. Ғарб ўзини ҳимоя қилиш учун янги доктринага муҳтож», — деб таъкидлади Залужний.
Унинг тушунтиришича, янги доктрина қурол-яроғ, тактика, қуролли кучлар тузилмаси, ҳарбий тайёргарлик ва молиялаштиришни ягона тизимга бирлаштириши керак.
«Бу янги технологияларнинг таъсирини баҳолаш, ўзгаришларга мослашиш ва биргаликдаги ҳаракатларни режалаштириш имконини беради», — деди у.
Элчининг қўшимча қилишича, Ғарб давлатларида янги хавфсизлик тизимини яратиш учун зарур бўлган мураккаб ва қимматбаҳо технологиялар мавжуд.