Юздан ортиқ грузиялик дипломатлар Европа интеграцияси курсининг бекор қилинишига қарши очиқ хат йўллади. Мамлакатнинг Болгариядаги элчиси истеъфога чиқди.
Европа интеграцияси жараёнини қайта тиклашни қўллаб-қувватловчи oчиқ хат Грузия Ташқи ишлар вазирлиги ходими Кети Пруидзенинг Facebook'даги саҳифасида эълон қилинди.
"Европа Иттифоқи билан музокаралар жараёнининг тўхтатилиши Грузиянинг яккаланишига олиб келади. Шунингдек, мамлакат дунёда содир бўлаётган жараёнлар фонида жиддий таҳдидларга дуч келади", дейилган мактубда.
Грузия Tашқи ишлар вазирлиги ходимлари мамлакатнинг Европа интеграция курсига содиқликларини билдирдилар. Мактубни 130 киши имзолади.
Шунингдек, Грузиянинг Болгариядаги элчиси Отар Бердзенишвили мамлакат расмийларининг ҳаракатларига норозилик сифатида ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди.