Ўзбекистон мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар сони яна ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025/26 ўқув йили бошида умумий ўрта таълим ташкилотларида 577,7 минг нафар педагог ишлаган. Бу ҳисобга ўриндошлик асосида фаолият юритувчилар киритилмаган.
Бир йил аввал мазкур кўрсаткич 564,9 минг нафарни ташкил этган эди. Демак, бир йил ичида ўқитувчилар сони 12,8 минг нафарга ёки 2,3 фоизга кўпайган.
Педагогларнинг катта қисмини аёллар ташкил этмоқда. Жами ўқитувчиларнинг 418,8 минг нафари ёки 72,5 фоизи аёллар, 158,9 минг нафари ёки 27,5 фоизи эса эркаклар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳудудлар орасида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари етакчи — ҳар икки ҳудудда 65,1 минг нафардан ўқитувчи фаолият юритмоқда. Кейинги ўринларда Фарғона — 60,6 минг, Сурхондарё — 52,3 минг ва Андижон — 46,3 минг нафар билан қайд этилган.
Энг кам ўқитувчи Сирдарё вилоятида — 14,2 минг нафар. Шунингдек, Навоийда 22,3 минг, Жиззахда 25,7 минг нафар педагог ишламоқда.
Сўнгги ўн йилликда эса мактаблардаги ўқитувчилар сони сезиларли ўсган. 2015/16 ўқув йилида улар сони 385 минг нафар бўлган бўлса, 2025/26 ўқув йилига келиб бу рақам қарийб 193 минг нафарга кўпайиб, 577,7 мингга етган.
Ҳудудлар кесимида:
Самарқанд — 65,1 минг
Қашқадарё — 65,1 минг
Фарғона — 60,6 минг
Сурхондарё — 52,3 минг
Андижон — 46,3 минг
Наманган — 42,6 минг
Қорақалпоғистон — 40,7 минг
Тошкент вилояти — 40,2 минг
Хоразм — 35,1 минг
Тошкент шаҳри — 34,1 минг
Бухоро — 33,4 минг
Жиззах — 25,7 минг
Навоий — 22,3 минг
Сирдарё — 14,2 минг