Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

“Юнусобод тажрибаси” асосида барча имкониятлар ишга солинади

A A A
“Юнусобод тажрибаси” асосида барча имкониятлар ишга солинади

Бугунги кунда Тошкент нафақат мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази, пойтахти, балки Марказий Осиёдаги энг юқори суръатларда ривожланиб бораётган йирик шаҳардир. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар пойтахтимизни замонавий, яшаш учун қулай ҳудудга айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб, пойтахтимизни янада тараққий эттириш, шаҳар аҳолиси турмушини янада яхшилашга оид муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти ва заруратига тўхталиб, бу ҳақда ўз муносабатларини билдиришди.

Илҳом АБДУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси:

— Давлатимиз раҳбари пойтахтимизни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари масаласига тўхталиб, мегаполисни барқарор ривожлантиришга қаратилган қатор илғор ташаббусларни илгари сурди.

Шу ўринда сайловчиларимни — Юнусобод тумани аҳолисини табриклаб қўймоқчиман. Мазкур йиғилишга тайёргарлик босқичида давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Юнусобод тумани мисолида шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганувчи кенг қамровли эксперт гуруҳи тузилди. Президентимиз мазкур туманда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳақиқий иқтисодий аҳволи қандай, ҳудуд аҳолиси қандай муаммоларга дуч келаётганини сўзда эмас, амалда ўрганиш мақсадида мутахассислар олдига бир қатор жиддий масалаларни қўйди.

Кўп қиррали ўрганишлар олиб борилиб, унинг якуни бўйича батафсил натижалар Президентга тақдим этилди. Ушбу маълумотлар асосида давлатимиз раҳбари пойтахтни яқин келажакда ривожлантириш бўйича комплекс стратегияни шакллантирди. Камбағалликка барҳам бериш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш каби масалалар Президент қўйган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бўлди.

Иқтисодий тараққиёт масалаларини ҳал этиш, фуқароларнинг бизнес фаоллигини ошириш, банк-молия хизматлари бўйича фаол мижозлар жамоасини шакллантириш учун банк сектори салоҳиятидан ҳар томонлама унумли фойдаланиш кутилмоқда.

Энг асосийси, давлатимиз раҳбари Юнусобод туманини белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг амалий минбари сифатида белгилаб берди. Айнан тумандаги маҳаллалар ҳудудида, кейин эса бутун пойтахтимизда мамлакатимиз Президенти томонидан белгилаб берилган комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилади.

Ишончим комилки, бу ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга ғоят ижобий таъсир кўрсатиб, шу кунгача ҳал этилмаган муаммоларни ҳал этиш имконини беради.

Дилором ФАЙЗИЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси:

Сессияда давлатимиз раҳбари томонидан замонавий мегаполис даражасига чиққан Тошкентда шаҳар ривожи учун зарур инфратузилма, ресурс ва шароитлар етарли бўлса-да, аҳоли турмушини янада яхшилаш учун фойдаланилмаётган имкониятлар борлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда дунёда юзага келган оғир ва таҳликали муҳит, ҳамкор давлатлардаги нохуш ҳодисаларнинг иқтисодиётимизга, аҳоли даромадларига салбий таъсирини камайтириш учун мавжуд имкониятларни сафарбар қилиш, инвесторлар ва тадбиркорлар фаолияти учун шароитлар яратиш билан бир қаторда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш, унинг олдини олиш каби ишларда янги ёндашувларни қўллаш давр талабига айланмоқда.

Сўнгги етти йил давомида Юнусобод туманида рўй берган ўзгаришлар мисолида шаҳримизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш имкониятлари очиб берилди. Туманга 1 миллиард 700 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиб, корхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари 3,5 мингтага, иш ўринлари 20 мингтага кўпайиб, 6 минг хонадонли янги уй-жойлар қурилганлиги, 8 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил қилиниб, 3 та олийгоҳ ишга тушганлиги биргина Юнусобод ҳудудида очилган имкониятлардан дарак беради. Тумандаги 64 та маҳаллада, 376 минг киши истиқомат қилиши эътиборга олинса, аҳоли даромадларини ошириш бўйича имкониятлардан самарали фойдаланиш учун “Юнусобод тажрибаси”ни йўлга қўйиш таклиф этилди ва кўрсатмалар берилди.

Юнусобод пойтахт марказидаги энг қулай ҳудудда жойлашган. Шу боис, бу ерда янги инвестицияларни жалб қилишга шароит яратиш мақсадида эскирган қиёфадаги бинолар ўрнида замонавий лойиҳалар асосида бизнес фаолиятини юритиш мумкин. Таҳлиллар натижасида 7 мингта юқори даромадли иш ўрни очилиши, одамлар даромадини кўпайтириш, туман иқтисодиётини барқарор ўстириш бўйича банкларни фаоллаштириш белгиланди. Бунда иш ўрни яратган мижозларга кредит фоизи тушириб борилиши бандликнинг таъминланишига хизмат қилади.

Бир неча йилдан буён Юнусобод деҳқон бозоридан фойдаланаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўтарилаётган масала — ушбу бозорни замонавий талабларга мувофиқ босқичма-босқич реконструкция қилиш ва кенгайтириш билан қўшимча майдонлар, қулайликларнинг вужудга келтирилиши нафақат тадбиркорлар ва деҳқонлар, балки туман аҳолиси манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Гулруҳ АГЗАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси:

— Ҳар қандай хотиржамлик, осойишталик, бирдамлик замирида ривожланиш, эртанги кунга ишонч бўлади. Қаерда мутасаддилар фаолиятида сусткашликлар, лоқайдлик, узоқни кўра билмаслик, илмсизлик бўлса, ўша ерда парокандалик, ишсизлик, ҳуқуқбузарлик, жиноят бўлади.

Сессияда давлатимиз раҳбари туманларда ишга солинмаётган имкониятларни кўрсатиб, Тошкент шаҳрида лойиҳа қилиш истагидаги инвестор ва тадбиркорларнинг кўплигига, лекин бунинг учун пойтахтда ер камлигини, олтинга тенглигини уқтирди. Фойдаланилмаётган жойларни давлат рўйхатидан ўтказиш, 979 та ер участкасини аукционга чиқариш, қишлоқ хўжалигидан саноат ва аҳоли пункти тоифасига ўтган 175 гектарлик ерни бериш орқали уларга шароит яратиш мумкинлигига эътиборни қаратиб, Янгиҳаёт туманида 764 гектар ерда “Янги авлод” махсус саноат зонаси ташкил этилаётганини, хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар у ерда 2,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф билдирганини, натижада ўн минглаб иш ўрни очиш имконияти борлигини мисол қилиб келтирди.

Таҳлилларга кўра, пойтахтдаги корхона ва ташкилотларда 98 минг бўш иш ўрни мавжудлигига қарамай, бугунги кунда иқтисодий фаол аҳолидан 80 минги ишга муҳтож. Президент Тошкентда натижа қилиш учун имконият ҳам, ресурс ҳам, шароит ҳам етарли экани, бунинг учун шаҳар ва туман ҳокимлари, иқтисодий комплекс вакиллари уйғониб, катта марралар олиб, қаттиқ ишлаши кераклигини таъкидлади.

Шу билан бирга, пойтахтимизни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари Юнусобод тумани мисолида таҳлил қилинди.

Маҳаллаларда яна янги бир тизим жорий этилишига тўхталиб ўтилди. Эндиликда аҳоли даромадларини оширишда банклар йирик мижозлари билан маҳаллалар ўртасида “кўприк” бўлади. Банклар мижозни шакллантиради, тарбиялайди. Банкларга одамлар даромадини кўпайтириш, туман иқтисодиётини барқарор ўстириш бўйича янги масъулият белгиланади. Иш ўрни яратган мижозларга кредит фоизи тушириб борилади. Бу, ўз навбатида, фуқароларда молиявий даромадларни самарали бошқариш кўникмаларини шакллантириш баробарида унумли фойдаланишларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан яна бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Айни кунларда имзоланган муҳим ҳужжатлар мазмун-моҳияти кенг жамоатчилик, шаҳар фаоллари билан ўртоқлашилди.

Аҳамиятли жиҳати, Юнусобод тумани белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг амалий майдончаси сифатида белгилаб берилди. Шу кунгача мамлакатимизда Уйчи, Сайхунобод туманлари тажрибаси ҳаётга татбиқ этилаётган эди. Навбатдаги жойида ўрганилиб, чуқур назарий ва амалий таҳлилларга асосланган мазкур тажриба Тошкент шаҳри учун дастуриламал йўл харитаси бўлиши бежиз эмас. Зеро, Тошкент — бу пойтахт, Ватанимиз юраги, Ўзбекистоннинг ташриф намунасидир.

Киритилди: 14:53 05.04.2024. Ўқилди: 1650 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!