Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

ЮНИСЕФ: Суданда сўнгги олти ойда 300 дан ортиқ бола ҳалок бўлди ёки жароҳатланди

ЮНИСЕФ: Суданда сўнгги олти ойда 300 дан ортиқ бола ҳалок бўлди ёки жароҳатланди

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Судандаги қуролли можаро оқибатида 300 дан ортиқ бола ҳалок бўлган ёки турли даражада жароҳат олган. Қурбонларнинг катта қисми дрон ҳужумлари натижасида қайд этилган.

Судан армияси билан Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари (RSF) ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2023 йил апрелидан буён давом этмоқда.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда жанглар асосан Кордофан, Дарфур ва Кўк Нил штатларида давом этмоқда. Болалар ўртасидаги қурбонларнинг қарийб 60 фоизи дрон ҳужумлари ҳиссасига тўғри келади.

БМТ, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатлар Шимолий Кордофандаги стратегик аҳамиятга эга Ал-Убаййид шаҳри учун кетаётган жанглар инсонпарварлик фожиасини янада кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Шу муносабат билан БМТ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши бешта Европа давлати ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияни маъқуллади. Ҳужжатда RSF ва унинг иттифоқчилари томонидан Ал-Убаййид ва унинг атрофида зўравонлик кучайгани қораланади. Шунингдек, Судандан қочқинларни қабул қилаётган давлатларга кўпроқ ёрдам кўрсатиш ҳамда можарога ташқи аралашувларни тўхтатиш чақириқлари илгари сурилган.

Расмий маълумотларга кўра, Судандаги уруш ҳозирга қадар камида 59 минг нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, 13 миллионга яқин аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Мамлакатнинг катта қисмида очарчилик хавфи кучайган бўлиб, 30 миллиондан ортиқ киши гуманитар ёрдамга муҳтож.

Дрон ҳужумлари ва артиллерия зарбалари мактаблар, бозорлар, ёнилғи қуйиш шаҳобчалари ҳамда сув таъминоти иншоотлари каби фуқаролик объектларини нишонга олмоқда. Бу эса 500 мингдан зиёд аҳолини жиддий хавф остида қолдирган. Айрим ҳудудларда тинч аҳоли бир йилдан ортиқ вақт давомида деярли қамал шароитида яшамоқда.

«Болалар зўравонлик, мажбурий кўчиш ва муҳтожликнинг шафқатсиз доирасига тушиб қолмоқда», — деди ЮНИСЕФнинг Судандаги вакили Шелдон Йетт.

БМТ можаро томонларини тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилишга, гуманитар ёрдамнинг хавфсиз ва тўсиқсиз етказилишига шароит яратишга ҳамда болаларни ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирди.

Киритилди: 17:32 06.07.2026. Ўқилди: 676 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!