Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), кўчирилган фаластинликлар жойлашган Ғазо секторидаги Ал-Ақсо шаҳидлари шифохонаси ҳудудидаги чодирларни Исроил томонидан бомбардимон қилиниши дунёни ларзага келтириши кераклигини айтди.
"Бугун бизнинг экранларимиз яна ўлдирилган ва ёқиб юборилган болалар, бомбаланган чодирлардан қочишга уринаётган оилалар тасвирлари билан тўлдирилади", дейилади ЮНИСЕФнинг ижтимоий тармоғида эълон қилинган хабарда.
Бу тасвирлар жаҳон ҳамжамиятини чуқур ҳайратга солиши кераклиги таъкидланган. ЮНИСЕФ болаларга нисбатан бу даҳшатли зўравонликни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.
Шунингдек, Исроилнинг шифохона ва мактабга уюштирган кетма-кет портлашлари 15 нафар боланинг ҳаётига зомин бўлгани, Ғазода хавфсиз жой йўқлигини яна бир бор тасдиқлагани қайд этилган.
Исроил қўшини Ғазо марказидаги Ал-Ақсо шаҳидлари касалхонасидаги чодирларга йирик ҳужумлар уюштирди, натижада 4 нафар фаластинлик, жумладан бир бола ва бир аёл ҳалок бўлди, 40 нафари яраланди.