⚖️ Сўнгги йилларда дунё эндокринологлари хавотир билан тилга олаётган глобал муаммолар сони яна биттага кўпайди. Бу — болаларда учраётган семизлик!
🖊 ЮНИСЕФ томонидан куни кеча эълон қилинган навбатдаги ҳисобот шу мавзу таҳлилига бағишланган.
🍔 Унда қайд этилишича, жаҳон бўйича илк бор ортиқча вазнга эга болалар сони кам вазнли ўғил-қизлар миқдоридан ошиб кетган. Тадқиқотчилар буни носоғлом овқатланиш рациони, яъни арзон ва юқори калорияли маҳсулотлар истеъмоли оммалашгани билан боғламоқда.
📊 Хусусан, дунёда 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар беш бола ва ўсмирдан бири, бошқача айтганда, 391 миллион нафар ўғил-қиз ортиқча вазнга эга. Уларнинг бир қисми семизликдан азият чекмоқда.
📈 ЮНИСЕФ ҳисоботи 190 дан ортиқ мамлакатда ўтказилган ўрганишлар натижаларига асосланган. Маълумотларга кўра, 2000 йилдан бери юқорида қайд этилган ёш тоифасига мансуб болалар ўртасида семириш даражаси 3 фоиздан 9,4 фоизга ошган.
🗺 Бу борадаги рекорд кўрсаткич Тинч океанидаги орол-давлатлар — Ниуэ (38 фоиз), Кук ороллари (37 фоиз) ва Науру (33 фоиз) ҳудудига тўғри келади.
🍟 Шу боис мутахассислар, трансёғларга тўйинган “фаст-фуд”лар, ширинликлар, юқори калорияли озиқ-овқатлар, газли ва рангли ичимликлар ўрнига кўпроқ табиий маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмол қилиш орқали муаммога самарали ечим топиш мумкин, деган хулосада.
📲 Қолаверса, бўш вақтини телевизор, компьютер қаршисида ёки ҳар хил гаджетларда ўтказадиган ўғил-қизлар сафи кенгаяётгани муаммонинг яна бир хавотирли омилидир.
‼️ Шундан келиб чиқиб, ЮНИCЕФ болалар овқатланиш рационини қатъий назорат қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш, айрим егулик ва ичимликлар маркетингини чеклаш ҳамда мактабларда уларнинг сотувини тақиқлаш юзасидан ўз тавсияларини берди.