Бугун 21 сентябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги чоралар белгиланмоқда

Йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги чоралар белгиланмоқда

Йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, соҳани рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.

Натижада жорий йилнинг 6 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайган.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан соҳага оид меъёрлар янада такомиллашмоқда. Жумладан, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур қонунни ялпи мажлисда муҳокама қилиш жараёнида Сенат Раиси Танзила Норбоева янгидан-янги транспорт воситалари, электросамокат, скутерлар оммалашаётгани, ёшларимизнинг уларга иштиёқи баландлиги, бироқ, қандай ҳаракатланиш воситаси бўлмасин, йўл ҳаракатининг қонун-қоидаларига амал қилиниши шартлигини таъкидлади. Афсуски, индивидуал ҳаракатланиш воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларнинг сони кам эмас. Шу жиҳатдан қараганда, киритилаётган нормалар йўлларда инсон ҳаётини, соғлиғини асрашга қаратилган. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу нормаларнинг маъно-моҳиятини тушунтириш ишларига жиддий эътибор қаратиш керак.

Йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги чоралар белгиланмоқда

Қайд этиш жоиз, Тошкент шаҳрида ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ қоидабузарлик аниқланган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда. Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддасига асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, маъмурий иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси асосида тугатилиши белгиланган.

Қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.

Йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги чоралар белгиланмоқда

Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган. Ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаганлиги сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланмоқда ва бу ҳолат тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлмоқда.

2024 йил 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.

Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлиги (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Киритилди: Бугун 01:55. Ўқилди: 326 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!