Савол: Кеча ишхонамдаги ҳамкасбим билан унинг Жентра русумли автомашинасида тушликдан қайтаётганимизда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Биз билан бир йўлда ёнма-ён ҳаракатланаётган Нексия автомашинаси ҳайдовчиси белгиланган қоидаларни бузган ҳолда, ҳамкасбимнинг автомашинасига анча миқдорда зарар етказиб, ҳаракатда давом этиб, ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолди. Ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлиги учун қонунда жавобгарлик белгиланганми?
Исми ва манзили сир тутилди
Саволга Олий суд бош консультанти Акром Арипов жавоб берди:
Албатта, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолганлиги учун қонунда жавобгарлик белгиланган. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 137 – моддаси талабига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар ушбу йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.