Бугун куннинг иккинчи ярмида YouTube’да жиддий техник муаммолар кузатилди. Минглаб фойдаланувчилар видеоплатформа умуман очилмаётгани ёки жуда секин юкланаётгани ҳақида хабар берди, бу DownDetector хизмати маълумотларида ҳам акс этган.
Фойдаланувчиларнинг хабарларига кўра, энг кўп YouTube’нинг веб-версияси зарар кўрган. Сайт кўп ҳолларда очилмаган, мобил илова эса аксарият ҳолларда нисбатан барқарор ишлаган. Айрим фойдаланувчилар экранида «502» хатолик коди билан боғлиқ хабар пайдо бўлган.
DownDetector маълумотларига кўра, энг юқори пайтда YouTube’га киришдаги муаммолар ҳақида 11 мингдан ортиқ киши шикоят қилган. YouTube’га эгалик қилувчи Google компанияси ҳозирча носозлик сабабларига изоҳ бермади. Айни пайтда YouTube’га кириш имконияти аста-секин тикланмоқда.