Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ёш болаларда кузатиладиган тумовни уй шароитида даволаш чоралари

Ёш болаларда кузатиладиган тумовни уй шароитида даволаш чоралари

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев совуқ мавсумда кўп кузатиладиган тумов касаллиги ҳақида фойдали тавсияларни бериб ўтади.

Болалар боғчага боришни бошлаши билан янги таассуротлар билан бир қаторда тумовни ҳам олиб келишади. Тумов боғча болалари орасида учрайдиган энг кўп касалликдир. Буни вақтида даволамаса, сурункали касалга айланади. Бундай вазиятда гўдаклар оғиз билан нафас олишга одатланиб , нафас йўлларига муздек ва «тозаланмаган» ҳаво кириб келиши оқибатида трахеит, тонзиллит, ларингит, аденоид касалликларига тез тез чалинишади, тишлашининг (прикус) ўзгаришига олиб келади. Бундан ташқари, инфекция ўрта қулоқ бўшлиғига тарқалиб отит касаллигини, яъни қулоқдан йиринг оқишни келтириб чиқариши мумкин.

Тумовни даволаш

Ёш болаларда кузатиладиган тумовни уй шароитида даволаш чоралари

Фото: Геттй имагес

Болани бурнини тўғри қоқишга ўргатиш керак. Биринчидан, қаттиқ кучанмасдан қоқиш керак. Иккинчидан, ҳар бир бурун йўлини алоҳида қоқиш зарур, бунда галма-галдан бурун қанотини устидан босиб туриш керак. Шундай қилинганда инфекциянинг бурун ички йўлларига ва эшитув найи орқали ўрта қулоқ бўшлиғига тарқалишининг олди олинади.

Агар бола бурнини қоқишни билмаса, унда махсус мосламалардан фойдаланилади

Бурун ичида тўпланган шиллиқ суюқликни тозалаб, бурунга физиологик эритма (дорихонадан 0,9 фоизли натрий хлор суюқлиги) бир кунда 5-7 марта томизилади. Бундай эритмани уй шароитида тайёрлаш учун 1 чой қошиқ туз 1 литр сувга эритилади. Ёки ҳозирда дорихоналарда тайёр денгиз суви асосида тайёрланган спрейлар ишлатилади (жумладан, Akva maris ва бошқалар). Бунинг таъсирида бурун шиллиқ қаватида тикланиш тезлашади ва инфекцияни енгиш осонлашади.

Бурун чаноғининг шишини камайтириш мақсадида майда томирларни торайтирадиган дорилардан фойдаланилади. Дорилар таъсирида бурун чаноғининг шиши камаяди, нафас олиш енгиллашади, шилиқ суюқлик ишлаб чиқарилиши камаяди. Болаларга томчи дорилардан кўра спрей шаклидаги дорилар ишлатилгани маъқул, чунки томчи дорилар ҳар бир томчиси алоҳида дозага эга, бир-икки томчи кўпроқ тушишининг ўзи дозани оширади ва зиёнли таъсири бўлиши мумкин. Аммо бу дориларни узоғи билан 7-8 кун ишлатиш мумкин. Бу дорилар инфекцияга таъсир қилмайди, лекин касаллик аломатларини камайтиради ва енгилроқ ўтишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, гиёҳ дамламалари асосидаги дорилар билан бурунни чайиш мумкин, жумладан, мойчечак дамламаси билан кунда 2-3 маҳал бурунни чайиш. Дорихоналардаги тайёр гиёҳли спрейлардан фойдаланиш мумкин. Қўшимча физиотерапия даволаш усулларидан фойдаланиш кассаликдан тезроқ тузалишга ёрдам беради.

Энг асосий айтиб ўтишимиз керак бўлган тавсия, авваламбор, ЛОР шифокори назоратида даволаш керак, дори-дармонларнинг дозаси ва тури ҳар бир беморга индивидуал равишда тавсия этилади ва қилинаётган даво муолажаларининг фойдали таъсирини шифокор билади, керак пайтда дориларнинг турини ўзгартиради. Юқорида айтиб ўтганимиздек, касалликни сурункали тумов ҳолатигача олиб бормаслик керак.

Киритилди: 09:26 27.02.2021. Ўқилди: 7179 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!