2023 йилдаги иккинчи Супер Ой ҳодисаси 30 августдан 31 августга ўтар кечаси кузатилди.
“Report” хабарига кўра, Ой Ерга энг яқин масофада – ўз орбитаси перигейида 30 август куни Боку вақти билан соат 19:52 да бўлган ва бугун соат 05:37 да тўлин ой фазасига кирди.
Бу воқеалар орасидаги фарқ 9 соату 45 дақиқани ташкил этди. Перигейда Ойгача бўлган масофа 357181 км эди. Шундай экан, 2023 йил 31 августда кузатилган Супер Ойни йилнинг энг катта Супер Ойи деб аташ мумкин.
Ушбу ҳодиса одатий Супер Ой воқеаларидан бири ҳисобланади. Тўлин ой фазаси бир ойда икки марта содир бўлса (биринчи Супер Ой ҳодисаси 1 августдан 2 августга ўтар кечаси содир бўлган), иккинчи Тўлин Ой Мовий Ой деб аталади.
Ой Ер атрофида айлана бўйлаб эмас, балки эллиптик орбита бўйлаб ҳаракатланаётганлиги сабабли, Ойнинг Ердан масофаси доимо ўзгариб туради. Орбитанинг энг яқин нуқтаси перигей, энг узоқ нуқтаси эса апогей деб аталади. Бироқ, Қуёш ва сайёраларнинг тортишиш майдонларининг таъсири туфайли перигей ва апогей масофалари барқарор қолмайди, балки даврий равишда ўзгариб туради. Перигей масофаси 356 420 км дан 369 960 км гача, апогей масофаси эса 404 180 км дан 406 740 км гача ўзгариши мумкин. Сўнгги 100 йил ичида Ойнинг Ерга максимал яқинлашиши 1948 йил 26 январда содир бўлди. Ўша пайтда Ойгача бўлган масофа 356 462 км эди. Навбатдаги шундай максимал яқинлашиш 2034 йил 25 ноябрда содир бўлади, бунда Ойгача бўлган масофа 356 447 км (ҳозиргидан 734 км яқинроқ) бўлади. Умуман олганда, ХХI асрда Ойнинг Ерга энг яқин яқинлашиши 2052 йил 6 декабрда содир бўлади. Бу вақтда Ойгача бўлган масофа 356 424 км ни ташкил қилади.
Эсда тутингки, супер ой одамлар саломатлигига таъсир қилмайди ва сув тошқини, зилзилалар, вулқон отилиши ва цунами каби табиий ҳодисаларни келтириб чиқармайди. Супер тўлин ой оддий тўлин ойдан бир оз каттароқ ва ёрқинроқ кўриниши туфайли одамларни тунги осмонни ўрганишга илҳомлантиради ва астрономияни янада қизиқарли қилади.