Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳақимов ва Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) ижрочи директори Мафалда Дуарте ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда М. Дуарте Ўзбекистон ҳукуматига самимий қабул, шунингдек, Оролбўйи минтақасига танишув сафари ташкил этилгани учун миннатдорлик билдиради ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида олиб борилаётган лойиҳа ва ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у барқарор қишлоқ хўжалиги, сувдан оқилона фойдаланиш аҳамияти ва Оролбўйи ривожида фермерларнинг муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Ўз навбатида, А. Абдуҳақимов Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистоннинг “яшил” ташаббуслари, жумладан, Орол денгизнинг қуриб қолган тубидаги 2 миллион гектар майдонни кўкаламзорлаштириш ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчатларини экишга мўлжалланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига эътибор қаратди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг “яшил” ривожланиш соҳасидаги жорий лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. ЯИЖнинг Марказий Осиёда минтақавий ваколатхонасини очиши ташаббуси алоҳида қизиқиш уйғотди — Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танланиши мумкин.
Томонлар Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш, жумладан, Қорақалпоғистонда иқлим музейини ташкил этиш ва биохилма-хилликни сақлаш дастурларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасини ишга тушириш ғоясига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидладилар, истиқболли ташаббуслар бўйича эксперт баҳолари алмашинувини йўлга қўйишга келишдилар ҳамда конструктив ва самарали ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирдилар.