Бугун 4 март, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Яқин Шарқ давлатларидан 5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қайтарилди

Яқин Шарқ давлатларидан 5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қайтарилди

Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган ҳарбий низо натижасида Баҳрайн, Қувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар, Исроил, Иордания, БАА ва Ливан давлатларининг ҳаво ҳудуди парвозлар учун турли муддатларга ёпиқлигича қолмоқда.

28 февралдан бошлаб Ўзбекистон шаҳарларидан Дубай, Шаржа, Мадина, Доха, Жидда, Тель-Авив, Теҳрон ва Қувайт йўналишларидаги барча авиақатновлар бекор қилинди. Натижада 28 февраль – 2 март кунлари Қувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БААдан 1 681 нафар фуқаромиз учиб кета олмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форс кўрфази мамлакатларида қолиб кетган юртдошларимизни Ватанга қайтаришни самарали ташкил этиш бўйича топшириғи асосида Транспорт вазирлиги томонидан резидент ва хорижий авиакомпаниялар билан аниқ режалар ишлаб чиқилди. Ишларни мувофиқлаштириш мақсадида “Ўзавиация” агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган штаб ташкил этилди.

Қатор давлатлар ҳаво ҳудуди ёпиқлиги сақланиб қолаётгани, вазият ўзгариб бораётгани ҳамда хорижий мамлакатлар авиация идоралари билан ўтказилган музокаралар натижалари инобатга олиниб, барча авиакомпаниялар учун парвозларни амалга оширишда риоя қилиниши лозим бўлган талаблар белгиланди.

Ҳозирги вақтда резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан 2026 йил 28 февралгача жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида махсус парвозлар амалга оширилмоқда.

Бугунги ҳолатга кўра, мамлакатимиз резидент авиакомпаниялари томонидан Мадина ва Жидда аэропортларидан 21 та парвоз амалга оширилиб, 4 948 нафар, шунингдек Дубай шаҳридан 235 нафар йўловчи Ўзбекистонга олиб келинди.

⚠️ Ушбу рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақат авиакомпанияларнинг ваколатхоналарига ва уларнинг расмий веб-сайтларида кўрсатилган телефон рақамларига (ишонч телефонларига) мурожаат қилиш лозим.

Эҳтимолий тушунмовчиликлар ва молиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида фақат расмий манбалардан фойдаланиш ҳамда текширилмаган воситачиларга мурожаат қилмаслик тавсия этилади.

Киритилди: Бугун 18:24. Ўқилди: 557 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!