Бугун 19 август, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Яқин ойларда Марказий Осиё давлатлари Евроиттифоқ билан муҳим битимни имзолайди – Мирзиёев

Яқин ойларда Марказий Осиё давлатлари Евроиттифоқ билан муҳим битимни имзолайди – Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик» мавзусида ўтаётган юқори даражадаги учрашув иштирокчиларига ўз табригини йўллади.

Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ ҳамраисларига йўлланган табрикда, давлат раҳбари «ўз мамлакатларининг равнақига, халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган атоқли сиёсатчилар ва давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарларидан иборат нуфузли таркибни Тошкентда, бир даврада тўплаш борасидаги ташаббуси учун» Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказга чуқур миннатдорлик билдирган.

«Ушбу марказ, улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий «шоирларнинг султони», деб таърифлаган буюк озарбайжон мутафаккири Низомий Ганжавийнинг бетакрор ижодий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман.

Таъкидлаш керакки, Низомий Ганжавийнинг теран фалсафаси, одам ва олам ўртасидаги уйғунлик ҳамда адолат ҳақидаги ўлмас ғоялари доимо долзарб бўлиб, бугунги мураккаб шароитда янада катта аҳамият касб этмоқда», – дейилади Президент табригида.

Шунингдек, давлат раҳбари Низомий Ганжавий номидаги марказнинг халқаро кун тартибидаги масалаларни ўрганишдаги фаол иштирокини алоҳида қайд этиб, унинг шафелигида ҳар йили ўтказиб келинаётган Глобал Боку форуми халқаро ва минтақавий тараққиётнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун янги ғоялар илгари суриладиган, дунё миқёсида тан олинган нуфузли мулоқот майдонларидан бирига айландгани айтилади.

«Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари, ушбу икки йирик минтақанинг Европа билан ҳамкорлик истиқболлари бугунги анжуманнинг бош мавзуси этиб белгилангани ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Биз буни ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик жараёнлари жадаллашиб бораётган Марказий Осиёни жаҳонга янада кенгроқ таништириш, минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг салоҳият ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш юзасидан фикр алмашиш учун ноёб имконият сифатида қабул қиламиз.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Озарбайжон билан ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳидаги муносабатларимиз фаол ривожланмоқда, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди, Давлатлараро олий кенгаш фаолият кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Озарбайжон Марказий Осиё ва Европани боғлашда стратегик кўприк вазифасини бажариб келаётганини ҳам алоҳида қайд этишни истар эдим.

Бугунги форумда кўплаб вакиллари иштирок этаётган Европа билан муносабатларимиз ўзининг мутлақо янги ривожланиш даврини бошидан кечираётганини қайд этмоқчиман.

Яқинда биз юртимизда илк бор «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммитини ўтказдик. Унда минтақамиз ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Яқин ойларда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаймиз.

Биз Европа Иттифоқи ва бошқа шерикларимиз билан биргаликда самарали транспорт-логистика ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни давом эттирамиз. Ишонамизки, ушбу чора-тадбирлар минтақамизнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги хаб сифатидаги ролини қайта тиклаш имконини беради.

Биз Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Ҳайдарович Алиевнинг янги умумминтақавий жараёнларни ривожлантиришда иштирок этишга тайёр эканини юқори баҳолаймиз ҳамда унинг Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, дўст Озарбайжон халқини улкан тарихий ютуқ – яқинда Вашингтонда АҚШ воситачилигида Арманистон билан уч томонлама Қўшма декларация имзолангани билан яна бир бор чин дилдан қутлаймиз», – деб ёзади Президент Мирзиёев.

Ўз навбатида, Ўзбекистон жадал ислоҳотларни қатъий давом эттираётгани, хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан узоқ муддатли алоқаларни изчил мустаҳкамлаётгани, ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати изчил давом эттирилаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон етакчиси мазкур нуфузли учрашув иштирокчиларига самарали муҳокамалар ва анжуман ишига муваффақият тилаш билан бирга, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси ҳозирги мураккаб даврда халқаро ҳамжамиятга бебаҳо бойлик – барқарорлик, ишонч ва тараққиётни таклиф этаётганини қайд этади.

Киритилди: 16:04 18.08.2025. Ўқилди: 765 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!