Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қутқариш ишларини давом эттирмоқда.
Япония бош вазири Санаэ Такаичининг айтишича, қутқарув ишларида ҳар бир дақиқа муҳим аҳамиятга эга.
"Ҳозир ҳам қутқарилишини кутаётган одамлар бор ва бу вақт билан пойга ҳисобланади. Имкон қадар кўпроқ инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун мавжуд барча куч ва воситалар сафарбар қилинади", — деди Такаичи.
29 июл куни эрталаб қутқарувчилар қисман қулаб тушган савдо маркази вайроналари орасидан саккиз нафар инсонни тирик олиб чиққан. Зилзиладан тахминан бир соат ўтиб содир бўлган, сабаби ҳозирча номаълум портлаш оқибатида 20 ёшлардаги икки аёл ҳалок бўлган. Маҳаллий ОАВга кўра, ҳодиса газ портлаши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги текширилмоқда.
Қутқарувчилар, полиция ва ҳарбийлар ёрдам чақирувлари келиб тушган ҳудудларда қидирув ишларини олиб бормоқда. NHK телеканали маълумотига кўра, савдо марказининг 20–30 нафар ходими бедарак йўқолган.
Шунингдек, Nippon Paper Industries компанияси заводида мўри қулаши оқибатида 7 киши бедарак йўқолган, тўрт нафар инсон оғир жароҳат олган. Шифохоналарда ўнлаб жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳокимият Кумамото префектураси бўйлаб тахминан 260 минг кишига эвакуация марказларига кўчиш бўйича кўрсатма берган.
7,1 магнитудали зилзила эпицентри аҳолиси 700 минг нафарга яқин бўлган Кюсю оролининг энг йирик шаҳри Кумамотодан жанубга томон тахминан 20 километр узоқликда жойлашган. Мутахассислар аҳолини камида бир ҳафта давомида такрорий кучли зилзилалар ва кўчкилар хавфидан огоҳ бўлишга чақирган.