Германия, Венгрия, Сербия, Италия, Франция ва Нидерландиянинг айрим дарёларида сув сатҳи кескин даражада пасайгани қайд этилди. Қурғоқчилик сабабли ўсимликлар ҳам нобуд бўлмоқда.
Кёлн собори яқинида сув остидан урушдан кейин вайрон бўлган кўприк қолдиқлари кўриниб қолди, Сербияда эса қайиқлар Дунайнинг саёзлашган тубида қолиб кетди.
Аввалроқ, кучли қурғоқчилик сабабли Германияда Элба дарёсидан "очлик тошлари" кўриниб қолгани хабар қилинганди .
Тошларда сув сатҳининг ўта пасайиб кетиш белгилари ўйиб ёзилган бўлиб, ўтмишда бу ҳолат ҳосилсизлик ва очлик даракчиси ҳисобланган.
Пирна ҳудудида Элба сув сатҳи узоқ вақтдан бери бир метрдан пастда сақланиб қолмоқда, Дрезденда эса дарё чуқурлиги 54 сантиметргача қисқарган.