АҚШ Давлат департаменти Осиё, Африка, Шимолий Америка ва Кариб денгизи ҳавзасидаги бешта хорижий консуллик ҳамда миссияни ёпмоқда. Бу ҳолат Қўшма Штатар дипломатик бўшлиқ қолдираётгани ва уни Хитой эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги танқидларга сабаб бўлди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
АҚШ Конгрессига бўлажак ёпилишлар ҳақида билдиришнома юборилди. Бу қадам харажатларни қисқартириш билан изоҳланмоқда. Шунингдек, бу қарор Дональд Трамп 2025 йил январь ойида Оқ уйга қайтганидан бери АҚШнинг бир қатор мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларини қайта баҳолаши ортидан қабул қилинди.
Конгресснинг бир нечта қўмиталарига юборилган хабарномага кўра, Сент Жоржес (Гренада), Нагоя (Япония), Медан (Индонезия), Дуала (Камерун) ва Виннипегдаги (Канада) миссиялар ёпилади.
Ушбу ёпилишлар давлат котиби Марко Рубио бошчилигида АҚШ Давлат департаменти фаолиятини қисқартириш жараёнининг давоми бўлади. 2025 йилда департамент 1300 дан ортиқ ходимни, жумладан 246 нафар ташқи хизмат ходимини ва 1107 нафар давлат хизматчисини ишдан бўшатган эди.
Америка ташқи хизмати ассоциацияси маълумотларига кўра, АҚШнинг дунё бўйлаб 195 та элчилик лавозимидан ярмидан кўпи, жумладан, Германия, Куба, Миср, Саудия Арабистони ва Покистон каби муҳим ҳудудлардаги ўринлар ҳамон бўш қолмоқда.
Демократлар режалаштирилган сўнгги ёпилишларни танқид қилиб, бу ҳолат Хитойга имконият қолдириш хавфини туғдираётганини даъво қилмоқда.
Шу билан бирга, Оқ уйнинг Бошқарув ва бюджет идораси 30 тагача хорижий миссияни ёпиш бўйича янада кенгроқ дастурни илгари сурган.