Японияда пойтахтида "JPRSI - Марказий Осиёда экологик инфратузилма" мавзусида онлайн семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Тадбирда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, Давлат экологик экспертиза маркази, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, Япония Атроф-муҳит вазирлиги, Халқаро Атроф-муҳит ҳамкорлик маркази ва турли компаниялар вакиллари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари томонидан давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сиёсати, қонунчилиги, қабул қилинган стратегия ва дастурлар, ҳукуматлар томонидан ички ва халқаро даражада амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Орол денгизидаги экологик вазият, "яшил" иқтисодиётга ўтиш, декарбонизация ва ҳаво сифатини назорат қилиш бўйича мавжуд муаммолар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Иқлим технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Mitsubishi Heavy Industries", "HORIBA", "Teraolitech" каби йирик япон компаниялари вакиллари декарбонизация, ҳаво сифатини назорат қилиш, оқава сувларни тозалаш ва бошқа атроф-муҳит йўналишидаги мавжуд технологиялар бўйича тақдимот ўтказдилар.
Япония томони Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилаш ва атроф-муҳит муаммоларини бартараф этишга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёрликларини билдирди.
Семинар якунида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Япония Халқаро Атроф-муҳит ҳамкорлик маркази ўртасида тез фурсатларда "яшил" иқтисодиёт ва декарбонизация соҳасидаги икки мамлакат компаниялари вакиллари учун қўшма тадбир ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.