Тошкентда «Марказий Осиёда шаҳарларнинг табиий офатлар хавфи ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш» лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Япония ҳукумати кўмагида, БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга ошириладиган лойиҳа Марказий Осиё шаҳарларининг иқлим ўзгаришларига бардошлилигини оширишга қаратилган.
Ўзбекистонда ушбу лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лойиҳанинг 2024-2027 йиллар учун умумий бюджети 5 миллион доллардан зиёдни ташкил этади.
БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати қайд этишича, Марказий Осиё зилзила, сув тошқини, қурғоқчилик, қор кўчкиси, ер кўчиши каби табиий офатлар ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар қаршисида заиф ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ўтган ўн йил мобайнида бу офатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ва миллионлаб одамларга зарар етказди.
Иқлим ўзгариши экотизимлар, сув ресурслари ва ижтимоий-иқтисодий тизимларга қўшимча босим ўтказаётган бир пайтда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлимга чидамлилик стратегияларини такомиллаштириш талаб этилмоқда. Лойиҳа айни шу эҳтиёж замирида йўлга қўйилмоқда.
«Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аср охирига бориб Марказий Осиёда ўртача ҳарорат 3-5°С даражага ошиши мумкин. Бу қор қопламини камайтиради, гидрологик жараёнларни ўзгартиради ва сув тошқинлари, чанг бўронлари ва қурғоқчилик каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари хавфини оширади, бу эса минтақа экотизимлари ва иқтисодиётига юкни оширади. Юқорида тилга олинган муаммоларни енгиш учун олдимизда узоқ йўл бор. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган бундай лойиҳалар табиат билан уйғунликда барқарор ривожланишга эришиш имконини беради», – деди Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов лойиҳанинг дастлабки йиғилишида.
«Япония табиий офатлар (зилзилалар, тўфонлар ва сув тошқинлари) билан курашиш бўйича бой тарихга эга мамлакат бўлиб, лойиҳага офат хавфини камайтириш бўйича илғор билим ва технологияларни тақдим этади. Ушбу учрашув ҳамкорларнинг тажриба алмашиши, муаммоларни муҳокама қилиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги потенциал соҳаларни аниқлаш имконини беради», – деди Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори.
«Иқлим ўзгариши Марказий Осиёдаги атроф-муҳит, экологик мувозанат ва ижтимоий-иқтисодий тизимларга жиддий таҳдид солмоқда. Минтақада кузатилаётган жадал урбанизация иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда барқарор ривожланишини таъминлаш учун шаҳар инфратузилмаси ва режалаштириш иқлим ўзгаришига бардошлилик стратегияларини ўз ичига олишини тақозо этади», – деди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним.
Япония ҳукуматининг ёрдами ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш ягона концепцияси асосида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа минтақанинг иқлим муаммоларига қарши курашида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.