Япония Бош вазири Санаэ Такаичи лавозимга киришганидан бери кунига атиги уч соатгача ухлаётганини айтди. Бу баёнот жамиятда қизғин мунозараларга сабаб бўлди, деб хабар беради Кyodo.
Баъзилар ҳукумат раҳбарининг меҳнатсеварлигига қойил қолишади, бошқалари эса сурункали уйқусизлик мамлакат тақдирига оид муҳим қарорлар сифатига таъсир қилиши мумкинлигини айтишади.
Х ижтимоий тармоғидаги постида Санаэ Такаичи ўтган йилнинг октябрь ойидан бери тўлиқ дам олиш имкониятига эга бўлмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, тунги вақтнинг кўп қисми ҳукумат ҳужжатларини кўриб чиқиш ва уй ишларини бажариш билан ўтказилади.
Бош вазир миллий байрамга тўғри келган узоқ дам олиш кунлари давомида тўпланган минглаб электрон почта хабарларини кўриб чиқди. Шунингдек, у бу вақт ичида биринчи марта беш соат ухлай олганини айтди.
Бу баёнот сиёсатчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокама қилинди.
Мухолифатдаги Халқ демократик партияси етакчиси Юитиро Тамаки Такаичининг меҳнатсеварлигини юқори баҳолади. Бироқ, у бош вазир баъзи вазифаларни бошқа ходимларга топшириши ва фақат бош вазир ҳал қила оладиган стратегик масалаларга устувор аҳамият бериши кераклигини айтди. Шунингдек, у етарлича дам олиш самарали ҳукуматнинг ажралмас қисми эканлигини таъкидлади.
Марказ ислоҳот партиясидан депутат Тору Кунисигэ ҳам хавотир билдирди. Унинг фикрича, сурункали уйқусизлик тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятини сусайтириши ва инқироз даврида мамлакатни бошқариш самарадорлигига путур етказиши мумкин.
Ижтимоий тармоқлар ҳам иккига бўлинди. Баъзи фойдаланувчилар бош вазирнинг фидойи меҳнатини қўллаб-қувватладилар, бошқалари эса бу постни жамоатчиликнинг ҳамдардлигини уйғотишга уриниш сифатида кўришди. Уларнинг айтишича, бош вазир ортиқча иш юкини кўрсатиш ўрнига ўз вазифаларини самаралироқ тақсимлаши ва бошқарув тизимини соддалаштириши керак.
Баъзи шарҳловчилар ушбу постнинг нашр этилишини Императорлик оиласи тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлардан сўнг вазирлар кабинети рейтингининг пасайиши билан боғлашди.