Янги Ўзбекистон учун янгиланаётган Конституция ҳаётий зарурат ва адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадам бўлиб, юртимизда олиб борилган барча соҳадаги ислоҳотларнинг конституциявий ҳимоясини таъминлаш демакдир. Конституция асоси битта эзгу ғоя атрофида тубдан қайта яратилганини кўриш мумкин. У ҳам бўлса “Давлат – жамият – инсон” деган принципнинг “Инсон – жамият – давлат” тамойилига айланиб, “Инсон қадри учун!” деган ғоя устуворликка эга эканлиги ўз ифодасини топмоқда.
Бунда, фуқарони биринчи марта давлат органлари томонидан бирон бир ишга гумон қилинувчи сифатида жалб қилаётганда, унга бирламчи ҳуқуқлари тушунтириб бериш шарти саналган “Миранда қоидаси” ҳамда “Хабеас корпус” (лот. habeas corpus) – “танани судга келтириш”, яъни жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқининг тарихан энг қадимий эътирофларидан бири ҳисобланган нормалар янада кенг жорий этилмоқда.
Биргина “Миранда қоидаси” бўйича ҳибсга олинган шахсга уни сўроқ қилишдан олдин албатта: -сукут сақлашга ҳақлилиги; айтган гаплари судда унга қарши қўлланиши мумкинлиги ва қўлланиши; сўроқда унинг адвокати иштирок этиши мумкинлиги; адвокат тўловини қила олмаса унга давлат томонидан адвокат берилиши тушунтирилиши ҳамда«ҳақ-ҳуқуқларингиз сизга тушунарлими?”деб сўралиши; -ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши шарт.
Эндиликда, фуқароларимиз бирон бир суриштирув, тергов органларига олиб келинганда, унинг ҳуқуқи, шунингдек, ушлаб турилиши асослари, нега давлат органига келтирилгани ҳақидаги ҳуқуқлари тушунтирилиши асосий қонуда ўз ифодасини топмоқда. Яъни, айбсизлик презумцияси нормаси янада ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
Шахсга нисбатан тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олишни кафолатлаш мақсадида янгиланаётган Конституциямизнинг 27-моддасига киритилаётган – “шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт”, деган жумлалар билан тўлдирилмоқда.
Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Яъни, ҳозирда бу борада прокурорга тегишли бўлган айрим ваколатларнинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги белгиланмоқда.
Гувоҳи бўлаётганимиз, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги асосий қонунда ўз ифодасини топмоқда. Бунда эса мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топаётганлиги, Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланаётганлиги, бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор сифатида хизмат қилади.
Авазбек Инамов, Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг раиси