Янги Зеландия парламенти Таранаки тоғини расман юридик шахс сифатида тан олди. The Guardian хабар беришича, бу -мамлакатда инсонлар билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлган учинчи табиий объект ҳисобланади.
Таранаки Янги Зеландиянинг Шимолий оролидаги иккинчи энг баланд тоғ. У мамлакатдаги энг кўп ташриф буюриладиган чўққи ҳисобланиб, хорижлик сайёҳлар орасида анча машҳур.
Тоғга шахс мақомини бериш Таранакини ўз аждоди деб биладиган маори қабилалари учун ниҳоятда муҳим. Парламент 2017 йилда бу объектга қонуний ҳуқуқлар беришни ваъда қилганди. 2025 йил 30 январда ушбу қонун бир овоздан қабул қилинди.
Ҳужжатда, шунингдек, маори халқига мустамлакачилик даврида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қоида ҳам мавжуд, унда Таранаки тоғи қабилалардан “ўғирлангани” тан олинган. Қонунда тоғ ва унга яқин ҳудудларга ташриф буюрувчилар табиатга ҳурмат билан муносабатда бўлиши кераклиги белгиланган.
Ҳужжат ерни маҳаллий халқлар мулкига қайтармаса-да, тоғга шахс мақомининг берилиши маорилар учун муҳим воқеага айланди. Қонун лойиҳасининг сўнгги ўқилишини кузатиш учун Веллингтонда юзлаб қабила аъзолари йиғилди.