Янги Тошкентда энг яхши мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Санкт-Петербург стандарти бўйича” мавзе қурилилади. Бу ҳақда Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда маълум қилди, дея хабар берди губернатор матбуот хизмати.
Беглов Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга келган Мирзиёевни кутиб олди.
“Шаҳримиз шарафига кўчага ном бериш ташаббуси сизга тегишли. Сиз бу ҳақда Россия президенти билан учрашувларингиздан бирида айтгандингиз. Кейинчалик бу ғоя бутун бир мавзега айлантирилди. Барча Санкт-Петербург аҳолиси номидан раҳмат. Бу биз учун жуда шарафли ва масъулиятли. Лойиҳа устида Санкт-Петербургнинг шаҳарсозлик соҳасидаги энг яхши мутахассислари ишламоқда. Мавзе қурилишига шаҳардаги етакчи қурилиш ташкилотларини жалб этишни режалаштирганмиз. Биз уни Санкт-Петербург стандартига мувофиқ қурамиз. Ишончим комилки, у Тошкентдаги энг гўзал жойлардан бири ва аҳоли учун жуда қулай бўлади”, — деди Беглов.
Санкт-Петербург губернатори, шунингдек, шаҳар ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.