Қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида бир нечта вазирликларнинг янги ҳудудга кўчирилишини маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Энергетика вазирлиги биноси аллақачон кўчирилган, яқин кунларда эса Транспорт, Қурилиш ва Экология вазирликлари ҳам янги ҳудудга ўтказилади. Айни пайтда у ерда вақтинчалик бинолар қурилмоқда, доимий бинолар қуриб битказилгач, вазирликлар уларга кўчади. Эски бинолар эса сотувга қўйилади, тушган маблағ янги бинолар қурилишига йўналтирилади.
Ҳидоятов шунингдек, вазирлик ходимларининг янги жойга қатнови учун махсус транспорт йўналишлари ташкил этилишини таъкидлади.
Давлат идоралари ҳам босқичма-босқич “Янги Тошкент”га кўчирилади, уларнинг ҳозирги бинолари эса меҳмонхона ва бизнес марказларига айлантирилиши кўзда тутилган.