Бугун 12 декабрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Яна бир йирик Россия нефтни қайта ишлаш заводи дрон ҳужуми сабаб тўхтади

Яна бир йирик Россия нефтни қайта ишлаш заводи дрон ҳужуми сабаб тўхтади

«Роснефть» компаниясига қарашли Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) 19 октябрь куни учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар) ҳужумидан сўнг нефтни бошланғич қайта ишлаш жараёнини тўхтатди, деб хабар берди Reuters агентлиги соҳадаги икки манбага таяниб.

Йилига 8,3 миллион тонна нефть қайта ишлаш қувватига эга бўлган ва Самара вилоятидаги «Роснефть» гуруҳига кирадиган завод якшанба куни дронлар ҳужумига учради. Ҳужумдан кейин юзага келган ёнғин сабабли заводдаги икки асосий бошланғич қайта ишлаш қурилмаси — кунига 18,9 минг тонна нефть қайта ишлайдиган АВТ-11 ва 4,7 минг тонна қувватга эга АВТ-9 — тўхтатилган.

Манбаларнинг маълум қилишича, ўтган йили завод 1,1 миллион тонна бензин ва 1,6 миллион тонна дизель ёқилғиси ишлаб чиқарган ва фаолиятни тахминан ноябр бошларида қайта тиклаши мумкин.

Август ойида ҳам дронлар ҳужуми сабаб «Роснефть»нинг Самара гуруҳига кирадиган яна икки завод — Куйбишевск ва Сизрань нефтни қайта ишлаш заводлари — ишини тўхтатганди. Сўнгги уч ой ичида Уралдан то Болтиқбўйи ҳудудигача жойлашган 20 дан ортиқ нефтни қайта ишлаш заводи дрон ҳужумларига учраган.

Бундан ташқари, октябрь ойида Ленинград вилоятида жойлашган ва нефть қайта ишлаш ҳажми бўйича Россияда иккинчи ўринда турган «Киришинефтеоргсинтез» заводи ҳам қувватининг 40 фоизини тўхтатган. Reuters манбалари таъмирлаш ишлари 3–4 ҳафта давом этишини билдирган. Шунингдек, дрон ҳужумларига Ярославлдаги «Славнефть-ЯНОС», Туапседаги «Роснефть»га тегишли НҚИЗ ва Оренбург вилоятидаги «Орскнефтеоргсинтез» заводлари ҳам учраган.

Бу ҳолат бензин етказиб беришда узилишларга сабаб бўлди. Аввал Узоқ Шарқ ва Қримда кузатилган муаммолар октябрь ойига келиб Россиянинг 57 ҳудудига тарқалди.

Халқаро энергетика агентлиги (МЭА) баҳолашича, Украина дронлари таъсири натижасида Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми тахминан 10 фоизга камайган — яъни кунлик 5 миллион баррелгача тушган. МЭА прогнозига кўра, Россия нефтни қайта ишлаш тармоғи аввалги қувватига 2026 йилнинг иккинчи ярмидагина қайтиши мумкин.

Киритилди: 09:32 21.10.2025. Ўқилди: 1242 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!