Қимматбаҳо металларга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахслар рағбатлантирилади. Бу борада Президентнинг ПҚ-207-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз;
- олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим.
2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда республика бюджетидан қайтарилади.
2025 йил 1 сентябрдан:
- ЯТТларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади;
- Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади;
- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида "Soliq" мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.