АҚШ Конгресси Сенати Америка президенти Дональд Трамп таклиф қилган 3,3 триллион долларлик «Катта ва гўзал қонун» (One Big Beautiful Bill Act) қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
«Сенат Трампнинг солиқлар ва давлат харажатларини қисқартиришга қаратилган улкан чора-тадбирлар пакетини озгина фарқ билан маъқуллади. Бу, қонун лойиҳасининг асосий танқидчилари қўллаб-қувватлашини таъминлаш бўйича бир неча кунлик уринишлардан сўнг амалга ошди. Овоз бериш 50 га 50 натижа билан якунланди ва ҳал қилувчи овозни вице-президент Жей Ди Вэнс берди», — деб хабар берди телеканал.
Аввалроқ Илон Маск бу қонунга кескин қарши чиққан ва уни қўллаб-қувватлаганларни аямаслигини айтганди. Хўш, энди нима бўларкин?