Уммон султонлигида 28 декабрдан коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланади. Бу ҳақда Уммон ҳукуматининг ONA расмий сайти 22 декабрда хабар берган.
Уммон Соғлиқни сақлаш вазири Аҳмад Ал-Саидининг таъкидлашича, мамлакатга 23 декабрь куни 15 600 дозада Pfizer вакцинаси олиб келинади. Шунингдек, Уммон июнга қадар 28 мингта вакцинани қабул қилиб олишга келишган. Бу мамлакатда сурункали касалликларга чалинганлар ва тиббиёт ходимлари биринчи бўлиб эмланади.
«Султонликнинг бирон бир ҳудудида қатъий чекловлар жорий қилиш учун ҳеч қандай кўрсатма ёки эҳтиёж йўқ. Айни пайтда эпидемиологик назорат яхши олиб борилмоқда. Агар Олий қўмита келажакда мамлакатда чекловлар ўрнатилиши бўйича қарор қилса, улар маълум ҳудудларда жорий қилинади холос» дейди Ал-Саид. Уммон хукумати Британияда тарқалаётган коронавируснинг янги тури мамлакатга кириб келишининг олдини олиш учун 22 декабрь соат 01: 00 дан бошлаб ўз чегараларини бир ҳафтага ёпди.