Исроилнинг энг йирик El Al авиакомпанияси Россияга парвозларни вақтинча тўхтатди. Келгуси ҳафтада Россия ҳаво ҳудудидаги вазият туфайли Тел-Авив ва Москва ўртасидаги авиақатновлар тўхтатилади.
"Кейинги ҳафта вазият қайта кўриб чиқилади, шундан сўнг рейсларни қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинади", - деди El Al матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, 25 декабр куни ғарбий Қозоғистонда самолёт ҳалокатга учради: Бокудан Грознийга учаётган Озарбайжон Ҳаво Йўллари (AZAL) самолёти фавқулодда қўнишга уриниш чоғида ҳалокатга учради. Самолётда бўлган 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган.
Бир қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан Анадолу агентлиги, Reuters ва Euronews - Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб пайшанба куни самолёт Чеченистон осмонида Россия ҳаво мудофаа тизими томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.
Ҳозирча бу хабарларнинг расмий тасдиғи йўқ.
Аввалроқ, самолёти ҳалокатга учраган AZAL авиакомпанияси авиаҳалокат сабабларини текшириш тугагунига қадар Россия Федерациясининг Шимолий Кавказ минтақаларидаги аеропортларга парвозларни вақтинчалик тўхтатганини маълум қилганди.