Яман Миллий инсон ҳуқуқлари комиссияси АҚШнинг Эроннинг Ҳормозгон вилояти, Сирик туманидаги тўй маросимига берган зарбасини кескин қоралади.
Комиссия баёнотида ўнлаб тинч аҳолининг ҳалок бўлиши ва жароҳатланишига олиб келган ҳужум «тўлиқ ҳарбий жиноят» экани, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенцияларининг бузилиши бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Яман томони тинч аҳоли ўлими ва жароҳатлари учун АҚШни жавобгар деб ҳисоблаб, ҳодисани зудлик билан мустақил халқаро тергов қилишга ҳамда ҳужум учун масъулларни халқаро судлар орқали жавобгарликка тортишга чақирди.
Комиссия БМТ, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотларни ҳам ҳодиса юзасидан аниқ позиция билдиришга чақирди.
Ҳормозгон вилояти ҳокимияти маълумотларига кўра, АҚШ томонидан Сирик туманидаги Куҳестак шаҳрида турар жойлар ва тўй маросими ўтказилаётган ҳудудга берилган зарба оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлган, 50 киши жароҳатланган.
Ҳормозгон губернаторининг сиёсий, хавфсизлик ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Аҳмад Нафисийнинг маълум қилишича, жароҳатланганларнинг айримларига жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, бошқалари эса ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш учун Минаб касалхонасига олиб кетилган.
Унинг таъкидлашича, айрим жабрланганларнинг аҳволи оғир бўлгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкин. Ҳодиса бўйича якуний маълумотлар тергов ишлари якунланганидан сўнг эълон қилинади.