Геосиёсий ишончсизлик ва рақобат ядровий хавфни совуқ урушдан бери кузатилмаган даражага оширди. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 26 сентябрда нишонланадиган Халқаро ядро қуролини бутунлай йўқ қилиш куни муносабати билан қилган нутқида айтиб ўтди.
БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, ядро қуролидан фойдаланиш, тарқатиш ва синовдан ўтказишнинг олдини олиш бўйича ўнлаб йиллар давомида катта қийинчилик билан эришилган ютуқлар энди орқага қайтмоқда.
“Ушбу муҳим кунда биз ядро қуролидан холи дунёга ва улардан фойдаланишга олиб келадиган гуманитар фалокатнинг олдини олишга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейди Бош котиб.
Гутерришнинг фикрича, ядро қуролига эга давлатлар қуролсизланиш бўйича ўз мажбуриятларини бажариб, ҳеч қачон ҳеч қандай шароитда ядро қуролидан фойдаланмаслик мажбуриятини олиб, намуна кўрсатиши керак.
“Бу ядровий қуролсизланиш ва тарқатмаслик режимини, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ва Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома доирасида мустаҳкамлашни ҳам англатади”, дейди БМТ Бош котиби.
У Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ҳали ратификация қилмаган барча давлатларни буни зудлик билан амалга оширишга, ядровий қуролга эга давлатларни эса барча ядровий синовларга мораторийни таъминлашга чақирди.
“Ядровий хавфни бартараф этишнинг ягона йўли – ядровий қуролни йўқ қилишдир. Келинг, бу ҳалокат воситалари фақат тарих китобларида ўз ўрнини эгаллаши учун биргаликда ҳаракат қилайлик”, дейди Гутерриш.