Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Хоразмда “қизил паспорт” учун катта навбатлар юзага келди. Мутасаддилар изоҳи қандай?

Хоразмда “қизил паспорт” учун катта навбатлар юзага келди. Мутасаддилар изоҳи қандай?

Хоразмда хорижга чиқиш биометрик паспортини  олиш учун катта навбатлар Россияга авиақатновлар тиклангани ҳақидаги миш-мишлар ортидан юзага келган. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп ва Хива туманларидаги ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари олдида одатдагидан кўп фуқароларнинг йиғилганлиги ва улар навбатга туриш тартибига риоя қилмаётганликлари акс этган фото ва видеолар тарқалган эди.

Аниқланишича, паспорт олиш учун мурожаат қилаётган аҳолининг асосий қисми Россияда меҳнат қилиб келган фуқаролардир. Улар 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари барча МДҲга аъзо давлатларга, шу жумладан, Россияга фақат хорижга чиқиш биометрик паспорти билан чиқишлари тартиби кучга кириши муносабати мурожаат қилмоқдалар.

“Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли орасида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида авиа қатнов йўлга қўйилганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалган”, - дейилган хабарда.

Бошқарма пандемия муносабати билан ҳозирги кунда бир қатор давлатлар, шу жумладан, Россия Ўзбекистон билан авиа ва темир йўл қатновини қайта тиклашни режалаштираётгани бўйича Ички ишлар вазирлигига расмий маълумотлар келиб тушмаганини қайд этган.

Ҳозирги вақтда Ҳазорасп ва Хива туманлари ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига "загранпаспортини" олиш бўйича навбатда турган фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилган, уларга навбат талонлари тарқатилган.

Пандемия сабаб Россия 27 мартдан бошлаб ўз чегараларини ёпиб, халқаро мунтазам парвозларни тўхтатиб қўйган эди. Бугунги кунга келиб Россия қатор мамлакатлар билан парвозларни қисман тиклади. Ўзбекистон билан эса ҳозирча парвозларни тикламаган ва Россияга киришга асоси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг кириши тақиқланган. Россия президенти Владимир Путин мамлакат ўз чегараларини қачон очиши ҳақидаги савол жавоб бераётиб, чегаралар коронавирус билан боғлиқ вазият имкон бериши биланоқ очилишини маълум қилган эди. 

Ўзбекистон фуқаролари 2021 йил 1 январдан бошлаб фақат янги турдаги хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Ўзбекистон ҳудудидан чиқишлари мумкин.

Киритилди: 11:58 22.12.2020. Ўқилди: 2593 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!