Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Хитой олимлари Марс атмосферасидан ёқилғи олиш усулини ишлаб чиқди

Хитой олимлари Марс атмосферасидан ёқилғи олиш усулини ишлаб чиқди

Хитойлик олимлар Марс атмосферасидан ёқилғи олиш усулини топишди.

SCMP агентлиги хабар беришича, Хэфэй шаҳридаги Чуқур космосни тадқиқ қилиш давлат лабораторияси олимлари карбонат ангидридни суюқ метанолга айлантирадиган катализатор яратишган. Маълумот учун, Қизил сайёра атмосферасининг 95 фоиздан ортиғини карбонат ангидрид ташкил этади.

Метанол келажакдаги Марс мустамлакачиларига электр энергияси ишлаб чиқариш, иситиш ва марсоходларга ёқилғи қуйиш учун керак бўлади. Бундан ташқари, у антифриз ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда кимёвий асос сифатида ҳам қўлланилиши мумкин. Олим-космонавт Чжан Чжэ ва унинг ҳамкасблари таъкидлашича, бу усул Ердан юбориладиган юклар ҳажмини кескин камайтириш ва келажакдаги Марс базасининг мустақиллигини ошириш имконини беради.

Катализатор ғовак кристалл тузилмада мис ва натрийни бирлаштиради ҳамда карбонат ангидриднинг Марс музидан олинадиган водород билан реакцияга киришишига ёрдам беради. Ерда ўтказилган синовларда у соф мисга нисбатан 11 баравар кўп метанол ишлаб чиқарган ва деярли қўшимча маҳсулотлар ҳосил қилмаган. Бир килограмм катализатор соатига тахминан 245 грамм метанол ишлаб чиқарган. У 12 соатлик синов давомида барқарор ишлаган.

NASA ҳам одамларни Марсга юборишни режалаштирмоқда, бироқ ҳозирча аниқ саналар белгиланмаган. Агентликнинг тостер ҳажмидаги MOXIE қурилмаси 2021–2023 йилларда Марс атмосферасидан кислород ишлаб чиқарган.

2021 йилда «Тяньвэнь-1» аппарати Марсга қўнганидан сўнг, Хитой Қизил сайёрага космик аппаратни муваффақиятли қўндирган иккинчи давлатга айланди. «Тяньвэнь-3» миссиясини тахминан 2028 йилда учириш режалаштирилган. У 2031 йилгача Ерга Марс тупроғидан камида 500 грамм намуна олиб келиши керак.

Киритилди: Бугун 15:50. Ўқилди: 203 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!