Хитой Халқ Республикаси АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларини кескин қоралаб, Вашингтон ҳаракатлари БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканлигини билдирди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Ниннинг таъкидлашича, зарба остига тушган объектлар Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) назорати остида бўлган. У зудлик билан зиддиятни юмшатишга ва ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Пекин вазиятдан "чуқур хавотирда" эканлигини билдирган ҳолда, можарода иштирок этаётган барча томонларни, айниқса Исроилни ўқ отишни тўхтатишга чақирди. Хитой томони Яқин Шарқда тинчликни тиклаш учун жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 22 июнга ўтар кечаси АҚШ Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳон шаҳарларидаги ядровий объектларига зарба берди ва расман Исроил ҳамда Эрон ўртасидаги қуролли можарога қўшилди. 21 июн куни Хитой, Россия, Покистон ва Жазоир ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда ядровий инфратузилмага берилган зарбалар муҳокама қилинди.
Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Фу Цуннинг айтишича, Исроил томонидан берилган зарбалар халқаро ҳуқуқни бузмоқда, минтақавий барқарорликка путур етказмоқда ва Эрон суверенитетига таҳдид солмоқда.