Хитой АҚШнинг ҳарбий кемалари, авиабазалари, денгиз ҳарбий объектлари ҳамда Тайван ҳукумат биноларининг ҳақиқий ўлчамдаги макетларини барпо этиб, улардан ракета синовлари ва минтақада юз бериши мумкин бўлган эҳтимолий можарога тайёргарликда фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Хитой Халқ озодлик армияси (ХХОА) полигонларида АҚШнинг Япониядаги Йокосука ҳарбий-денгиз базаси, Тайвандаги Суао денгиз базаси ҳамда эсминецларнинг нусхалари аниқланган. Сунъий йўлдош суратларида ушбу макетларга ракета зарбалари берилгани излари кўринган бўлиб, бу қуролларнинг амалий синовлари ўтказилаётганидан далолат беради. Мутахассислар фикрича, бундай машғулотларда Хитой кемаларга қарши ва баллистик ракеталар, жумладан YJ-21 ва YJ-17 гипертовушли ракеталарини қўллашни машқ қилмоқда.
Пекин Тайван йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хитой ҳарбийлари Тайбэй кўчалари ва давлат идоралари, жумладан президент қароргоҳининг макетларини қурган. Экспертлар фикрича, ушбу объектлар орол пойтахтидаги муҳим биноларни эгаллаш ва ҳужум сценарийларини ишлаб чиқиш учун хизмат қилмоқда.
Мутахассислар бундай тайёргарлик кўламини мисли кўрилмаган даражада деб баҳоламоқда. Уларнинг таъкидлашича, макетлар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳарбий тайёргарлик воситаси, ҳам эҳтимолий рақибларга сигнал вазифасини бажармоқда: Тайванга — оролни эгаллаш операциясига тайёрликни, АҚШга — минтақадаги базаларига эҳтимолий зарбалар бериш имкониятини, Японияга эса можарога тортилиши мумкинлигини кўрсатади.