Илоҳий каломда бир сўзки қутлуғ,
Фаришталар ундан ўтмас ҳаёда.
Онадан афзалроқ, отадан улуғ
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Ўтганлар ўтдилар, келганлар келди,
Кутганлар кутдилар, билганлар билди.
Бу ёруғ дунёни чароғон қилди –
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Мусулмон ўғлининг кўнгли хўп тўқдир,
Сабаб бор – ёзиғлиқ илоҳий тақдир.
Қоронғу кечада қоқилмоқ йўқдир –
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Офитобдан сўранг, моҳдан сўрангиз,
Айтурлар, бу надир, ёқут, фарангиз –
Зулумот ичинда унга қарангиз,
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Саҳобалар кўрди кўзлари билан,
Юрдилар не бахтки ўзлари билан.
Бугун бизга малҳам сўзлари билан –
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Кетган бўлсалар-да орамиздан-да,
Аллоҳ еткаргувчи ноламиздан-да.
Чиройлироқ жажжи боламиздан-да,
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Ўтмиш юлдузига чўлғанмоқ азоб,
Тунлари аламдан тўлғанмоқ азоб.
Оҳ, тушга кирганда, уйғонмоқ азоб,
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Одамзод юрарди мотамга ўхшаб,
Нари борса Адий Хотамга ўхшаб.
Яшашни ўргатган одамга ўхшаб,
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Кўрмаган бўлсак ҳам севгувчимиз у,
Оғир дам умматим дегувчимиз у,
Ахир, ғамимизни егувчимиз у –
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда.
Ул зотни кўргунча мўмин кулмагай,
Қарори тўлмагай, кўнгли тўлмагай.
Шаҳидлар шоҳида ўлмоқ бўлмагай,
Росулуллоҳ деган зот бор дунёда!