Бугун 27 декабрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Халқаро тажриба: Туркияда ҳамширалар қандай тайёрланади?

Халқаро тажриба: Туркияда ҳамширалар қандай тайёрланади?

Бугун Туркия тиббиёт соҳасида дунёнинг илғор давлатлари сафида. Ушбу муваффақиятларнинг икки асосий омили бор. Бири — мамлакатда замонавий тиббий технологиялар қамрови кенглиги бўлса, иккинчиси — мутахассислар тайёрлашнинг самарали механизмлари жорий этилгани!

Хўш, ҳозир турк заминида ҳамшираларни тайёрлаш ва улар фаолиятини ташкил этиш жараёни қандай йўлга қўйилган?

Айни пайтда Туркия университетларида ҳамширалик иши йўналиши изчил ривожланиш босқичида. Бу ерда талабалар назарий таълим билан чекланиб қолмайди. Амалий машғулотлар шифохоналар, лабораториялар ва халқаро университетларда ўтказилади.

Илк мактаб қачон очилган?

Туркияда илк ҳамширалик мактаби 1925 йилда ташкил этилган. Икки йиллик ва уч ойлик курслардан иборат ушбу муассасага кириш имтиҳонлари фақат ёзма шаклда ўтказилган. 1958 йилга келиб профессионал шаклдаги ҳамширалик таълими йўлга қўйилиб, ўқиш давомийлиги уч йилдан тўрт йилга узайтирилди.

Туркия миллий мудофаа вазирлиги 1939 йилда биринчи ҳарбий ҳамширалик мактабини ташкил этди ва у 1947 йили молиявий қийинчиликлар туфайли ёпилди.

Илк ҳамширалик иши институти 1955 йилда Эгей университети, кейин эса Ҳаcеттепе университети ва Истанбулдаги бошқа институтлар қошида ташкил этилган. Уларнинг барчаси ҳамширалик касби ва ўқитиш усуллари эволюциясига сезиларли таъсир кўрсатди. 1982 йилга келиб ҳарбий ҳамшираларни тайёрловчи муассасалар қайта ташкил этила бошланди.

Ҳаcеттепе университети ўз таркибида илк бор ҳамширалар коллежини очди ва 1972 йилда университетда бу йўналишда докторантлар ҳам тайёрлашга киришилди.

Неча йил ўқиш керак?

Ҳамширалик иши бўйича бакалавриат дастури тўрт йиллик курсни ўз ичига олади. У саккиз семестрдан иборат. Туркия халқаро талабалар учун инглиз тилида ушбу курсларни таклиф қилади. Агар чет эллик талаба инглиз тилида ўқимайдиган бўлса, турк тили сертификатини олиш учун “тил тайёрлов йили” деб номланувчи бир йиллик дастурни тугатиши лозим.

Бакалавриат ҳамширалик иши ўқув дастури қуйидаги фанларни ўз ичига олади: анатомия, физиология, ҳамширалик иши тамойиллари ва амалиётлари, этика, биокимё, микробиология, фармакология, патология ва ҳамширалик иши (болалар саломатлиги, руҳий саломатлик, аёллар саломатлиги, жамоат саломатлиги, жарроҳлик касалликлари, ички касалликлар ва юқумли касалликлар).

Туркия давлат университетларига кириш турк тили синови ёки АҚШнинг SАТ тести натижаларига боғлиқ. Ўқиш тили сифатида инглиз тилини танлашда TOEFL сертификатига эга бўлиш лозим. Агар сиз туркчада таҳсил олишни маъқул кўрсангиз, TÖMER сертификатини тақдим этишингиз керак.

Баъзи университетлар маълум ўртача баллга эга бўлишни талаб этади. Бироқ стипендия олиш учун ариза топширишда юқори ўртача кўрсаткич зарур.

Амалиёт ҳамширалик курсларининг бир қисмидир. Талабалар филиал шифохоналари орқали амалий тажриба орттириш имкониятига ҳам эга.

Олий маълумот зарур!

Ҳамширалик иши бўйича ўқиш, муваффақиятга эришиш иштиёқманд ва сабр-тоқатли одамлар учун қийин эмас. Бу касб беморлар билан мулоқот қилиш қобилияти ва самимийликни талаб қилади. Шунингдек, Туркияда ҳамширалик иши учун Ўзбекистондаги каби ўрта махсус даража эмас, олий маълумот бўлиши шарт.

Бу ерда кўплаб университетлар инглиз тилида ҳам ҳамширалик иши бўйича дастурларини тақдим этади. Уларни тамомлаган мутахассислар давлат ёки хусусий шифохоналар, шунингдек, реабилитация ва физиотерапия муассасаларида ишлашлари мумкин.

Турли идора ва ташкилотлар, жумладан, оналик ва болалик марказлари, оилани режалаштириш муассасалари, ўқув ва соғломлаштириш марказларида ҳам иш ўринлари мавжуд.

Энг яхши университет қайси?

Меҳнат бозорини баҳолаш натижалари ва ижтимоий сўровномаларга кўра, қуйидаги университетлар ҳамшираларни тайёрлаш борасида энг яхшилари деб тан олинган: Атилим, Истине, Окан, Истанбул Айдин, Ускудар, Баскент, Баҳчешеҳир, Гелисим, Медипол, Едитепе, Култур, Малтепе, Бойкент ва Билги университетлари.

Туркияда ҳамширалик иши бўйича ўқиш харажатлари бошқа мамлакатларга нисбатан ўртача қийматда деб таснифланади.

Фан доктори бўлиш ҳам мумкин

Мутахассислар Туркияда ҳамширалик иши бўйича магистратурада ўқишлари мумкин. Магистратура ва докторантура даражасида бир нечта ҳамширалик ихтисосликлари мавжуд.

Комплекс соғлиқни сақлаш ҳамшираси, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, қариялар учун ҳамширалик парвариши, фавқулодда вазиятлар ва бахтсиз ҳодисаларда ҳамширалик иши, куйиш иши, клиник ҳамширалик, марказий парвариш ҳамшираси, неонатал реанимация, парвариш ҳамшираси, жарроҳлик ҳамшираси, болалар боғчаси ҳамшираси, синиш ва суяк ҳамшираси, ички ҳамширалик ва онкология, бирламчи тиббий ёрдам ва руҳий саломатлик ҳамшираси, беҳушлик ва эндоскопик ҳамширалик шулар жумласидан. Ушбу мутахассисликлар бўйича илмий изланишлар олиб бориш имконияти яратилган.

Болония шартномаси нима беради?

2010 йилдан бери Туркия ҳукумати таълим ва мутахассислик бўйича халқаро интеграция юзасидан кенг кўламли иш олиб бормоқда. Ўқишга қабул қилишнинг марказий қабул тизими тўхтатилган. Университетлар қабул мезонларини ўзлари мустақил белгилашлари мумкин. Бу минглаб халқаро талабаларнинг Туркияда таҳсил олиш учун қизиқиш билдиришига сабаб бўлди.

Мамлакатда таълим олиш учун энг арзирли сабаблардан бири – Болония шартномаси. 2002 йилда имзоланган бу ҳужжат Туркия университетлари битирувчиларига 40 дан ортиқ Европа давлатида ишлаш учун йўл очади.

Туркияда ҳамширалик иши таълими бошқа ривожланган давлатлар стандартлари билан уйғун. АҚШ ёки Буюк Британия сингари глобал таълим учун инфратузилмага эга. Бу ҳамширалик ва бошқа барча тиббий дастурлар учун ҳам дахлдор. Қолаверса, Туркияда яшаш нархи анча ҳамёнбоп. Ҳукумат хорижлик талабаларга стипендия ҳам таклиф қилади. Бунга юқори академик натижаларга эга бўлган талабалар муносиб бўлади.

Умуман олганда, Туркия тиббиёт соҳасида дунёнинг тан олинган давлатларидан. Шундай экан, мутахассисларни ўқитиш, хусусан, ҳамширалар тайёрлаш борасида ҳам юқори сифатли дастурларга эга, деб бемалол айта оламиз. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон қардош мамлакат билан ушбу йўналишда доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Киритилди: 10:57 04.11.2024. Ўқилди: 771 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!