Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳар бир соҳа фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда. Мазкур жараёнда акси-коррупция ойлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан "Ўзбектелеком" АК ҳамкорлигида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан давра суҳбати ташкил қилинди.
Соҳа фаолиятида коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, коррупцион ҳаракатларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсад қилинган тадбирда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умид Мавлянов ҳамда Компания раҳбарияти иштирок этди.
Тадбир доирасида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар эътироф этилди ва тизим ташкилотларида фаолият юритаётган бир гуруҳ ички назорат ва комплайенс бўлинмалари вакиллари тақдирланди.
Давра суҳбатидаги асосий қисмда жорий йилнинг ноябрь ойида "Ўзбектелеком" АКда сертификатсия аудити ўтказилганлигига эътибор қаратилди ва унинг натижасида Компаниянинг интеграцияланган бошқарув тизими халқаро стандартлар талабларига мувофиқлиги юзасидан Cert International сертификатсия органи томонидан ижобий хулоса берилганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунга кўра, тадбир давомида компанияга – атроф-муҳит самарадорлигини ошириш (ISO 14001), энергия ресурсларидан фойдаланишни оптималлаштириш ва энергия харажатларини камайтириш (ISO 50001), меҳнат шароитларини яхшилаш, жарахатлар ва касбий хавфларни камайтириш (ISO 45001) ҳамда корпоратив ижтимоий масъулиятни ривожлантириш (ISO 26000) халқаро стандартлари талабларини ўзида мужассам этган интеграцияланган бошқарув тизими учун мувофиқлик сертификатлари ҳам расман топширилди.