Бутунжаҳон бокс иттифоқи(WBC)нинг декабрь ойи учун янгиланган рейтингидан ўзбекистонлик 6 нафар чарм қўлқоп устаси жой олди.
Супероғир вазнда жанг олиб бораётган тажрибали боксчимиз Баҳодир Жалолов 10-ўринда қайд этилган бўлса, энг ўрта вазн тоифасида (76,2) ҳаракатланаётган Бектемир Мелиқўзиев 9-ўриндан жой олди.
Маҳоратли спортчимиз Исроил Мадримов биринчи ўрта вазн (69,8) тоифасида 3-ўринни, Отабек Холматов ярим енгил вазнда (57,1) 17-ўринни, Олимжон Назаров енгил вазнда (50,82) 37-ўринни, 2024 йилнинг энг яхши спортчиси сифатида эътироф этилган Ҳасанбой Дўсматов биринчи ўта енгил вазнда (47,6) 3-ўринни банд этди.