Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Винисиус Жуниор "Манчестер Сити"нинг трансфер мақсадлари қаторидан жой олди.
Бразилиялик футболчи ҳалигача "қаймоқранглилар" билан шартномани узайтиришдан йироқ бўлиб турибди. 25 ёшли футболчи ҳафтасига тахминан 350 минг евро маош олмоқчи, бироқ ҳозирда "қироллик клуби" бундай талабни қондиришга тайёр эмас. Агар вазият ўзгармаса, ўйинчи яқин келажакда жамоадан кетиш имкониятини кўриб чиқади. "MatchDay Central" нашри берган маълумотларга кўра, "Манчестер Сити" вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва ҳужумчига манфаатли таклиф беришга тайёр. Шунингдек, унинг 2027 йилда эркин агент сифатида бошқа клубга ўтиши ҳам истисно этилмаяпти.
Саудия Арабистони чемпионати вакиллари ҳам Винисиус учун пойгадан чиқишгани йўқ, бироқ улар юлдуз футболчини кўндириш учун янада каттароқ шартлар таклиф қилишларига тўғри келади.