Жанубий Хитой денгизи билан чегарадош узун қирғоқ чизиғига эга ушбу мамлакатда кўплаб инсонларни ҳалок қилувчи, саноат, ишлаб чиқариш соҳалари ва мулкка жиддий зарар етказувчи тропик бўрон тез-тез учрайди. Бу ҳақда “AзерТAЖ” хабар берди.
Ҳукумат кейинги 24 соат ичида кучли шамол ҳосил бўлиши кутилаётганини айтди ва қирғоқ бўйидаги вилоятларни огоҳлантирди. Бўрон марказда кучли ёғингарчилик келтириб чиқаради.
Таъкидланишича, инқироз йўналиши, тезлиги ва кучи ўзгариши мумкин бўлган мураккаб шаклда ривожланмоқда.
Вьетнам бу йил Осиёда содир бўлган энг кучли “Яги” тўфонидан қутуляпти.
Табиий офатларни бошқариш агентлиги маълум қилишича, бўрон оқибатида юзага келган сув тошқини ва кўчки жами 291 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган. 38 киши бедарак йўқолгани, 2000 га яқин одам жабрлангани таъкидланган.
“Reuters” ёзишича, бир неча шимолий провинцияларда саноат ишлаб чиқариши тўхтади, 235 минг уй зарар кўрди, 300 минг гектардан ортиқ шоли ва бошқа экинлар сув остида қолди.
Метеорология агентлиги янги бўрон марказий Да Нанг шаҳрига пайшанба куни кечқурун ёки жума эрталаб яқинлашишини тахмин қиляпти.
Да Нанг ва қўшни Қуанг Нам музофоти маъмурлари денгиздаги кемаларни яқинлашиб келаётган бўрондан огоҳлантирди ва қидирув-қутқарув режасини тайёрлади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи биринчи ҳафтаси охиридан бошлаб Вьетнам шимолини қамраб олган “Яги” тўфони мамлакатга 1,63 миллиард доллардан кўп зарар етказди. Мутахассислар 2024 йил миллий ялпи ички маҳсулот пасайиши мумкинлиги айтишяпти.