АҚШ президенти Дональд Трамп Потомак дарёсига оқова сувларнинг сизиб чиқиши ортидан юзага келган экологик ҳалокат муносабати билан Вашингтонда фавқулодда ҳолат эълон қилишни тасдиқлади.
"Fox News" хабарига кўра, ушбу қарор январь ойида канализация қувурининг қулашидан сўнг Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлигига (FEMA) жараёнга аралашиш имконини беради.
Ҳодиса оқибатида пойтахтни ўраб турган сувларга миллионлаб галлон тозаланмаган оқова сувлар тушган.
"Президентнинг ҳаракатлари FEMA’га маҳаллий аҳоли учун фавқулодда вазият келтириб чиқарган қийинчилик ва азобларни юмшатиш мақсадида табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича барча ёрдам ҳаракатларини мувофиқлаштириш ваколатини беради", — дейилади агентлик баёнотида.
FEMA’нинг қўшимча қилишича, кўрсатиладиган ёрдам инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, мулкни, жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Қўллаб-қувватлов нафақат пойтахтга, балки Колумбия округи масъул бўлган Мэриленд ва Вирджиния ҳудудларига ҳам кўрсатилади.