Бугун, 21 февраль соат 05:09 да 112-тизимидан Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Қовунчи кўчасида жойлашган қурилиш махсулотлари сотиш бозорида ёнғин солир бўлганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар ФВББга хабар келиб тушган.
Шунга кўра қутқарув бўлинмалари соат 05:18 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 05:38 да ўраб олинган ва ҳозирда бартараф этиш ишлари олиб борилди.
Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар бўйича маълумот келиб тушмаган.
Ёнғин жойига Фавқулодда вазиятлар вазири А.Икрамов етиб борган.
Айтилган манзилда содир бўлган ёнғин натижасида бозор ҳудудидаги 200 кв.м майдонда жойлашган ром ва эшик маҳсулотлари ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг ёнғинни тезкорлик билан бартараф этиши натижасида бозорнинг 2000 кв.м майдони сақлаб қолинди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 16 февраль куни мазкур бозор Давлат ёнғин назорати органи томонидан тегишли тартибда текширувдан ўтказилган. Текширув давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бир қатор бузилиш ҳолатлари аниқлангани сабабли, камчиликлар бартараф этилгунига қадар бозорнинг иш фаолияти тўхтатилиб, 3 кун муддатга электр таъминотидан узилган.
Бозор маъмурияти туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш юзасидан кафолат хати тақдим этган. Бироқ, афсуски, ушбу қоидабузарликлар ўз вақтида тўлиқ бартараф этилмагани оқибатида ёнғин келиб чиққан.
“Ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорларФавқулодда вазиятлар вазирлиги барчадан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишни сўраб қолади. Бепарволик мулкингиз ва ҳаётингизга хавф туғдиришини унутманг!” дейилади ФВВ баёнотида.