Вашингтон Эрон билан бевосита музокаралар олиб боришга тайёр.
Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс брифингда маълум қилди.
"Биз эронликлар билан тўғридан-тўғри гаплашишга тайёрмиз, шунингдек, Европа учлигидаги ҳамкорларимиз (Буюк Британия, Германия, Франция) билан ҳам ҳамкорликдамиз”, деди у.
Брюс АҚШ президенти Дональд Трампнинг музокаралардан эронликлар фақат фойда кўришини, Эрон раҳбариятида тинчлик ва фаровонлик йўлини танлаш имконияти борлигини айтганидан иқтибос келтирди.
Шу билан бирга, аввалроқ Исроилнинг Jerusalem Post газетаси манбаларга таяниб, Трамп энди Эроннинг ядровий дастур бўйича музокараларда иштирок этишини зарур деб ҳисобламаслиги ҳақида хабар берди. "Агар шундай истак пайдо бўлса, улар мамнуният билан қабул қилинади. Лекин биз уларни ёлвормаймиз ёки кўндиришга уринмаймиз", - дея Трампнинг шахсий суҳбатларида сўзларини келтиради газета суҳбатдошлари.